G20 давлатлари савдо вазирлари 9 июлда Шанхайда очиладиган икки кунлик учрашувда глобал савдо ўсиши стратегияси ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) савдога кўмак бериш бўйича келишувини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишади.

Аввалроқ Хитой тижорат вазири ўринбосари Ван Шоувэнь стратегияни ишлаб чиқиш "жуда муҳимлигини" айтди. Унинг айтишича, стратегия жаҳон савдосини глобал бошқаришни яхшилашга, таннархни камайтиришга, савдо-инвестиция сиёсатида мувофиқлаштиришни яхшилашга қаратилган ҳамда глобал савдонинг камайишига мойилликни "тубдан ўзгартиришга" ёрдам беради.

ЖСТ бош директори Роберто Азеведо учрашувдан олдинги матбуот-анжуманида жаҳон савдоси ўсиш суръатлари 2016 йилда ҳам бешинчи йилдан бери 3 фоиздан камроқ даражада сақланиб қолинаётганини айтди.

"Йигирматалик"да раислик қилиш 2015 йил 1 декабрдан Туркиядан Хитойга ўтди. G20 саммити Ханчжоуда 4-5 сентябрь кунлари бўлиб ўтади ва "Инновацион, соғлом, ўзаро боғланган ва инклюзив жаҳон иқтисодиётини қуриш" мавзусига бағишланади.

Хитой ўз раислигининг устувор йўналишлари сифатида жаҳон иқтисодий ривожланиши учун янги йўлларни излаш, самаралироқ жаҳон иқтисодий ва молиявий бошқаруви, халқаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантиришни айтди. Хитой бу устувор вазифалар жаҳон иқтисодиёти эҳтиёжларига жавоб бериши ва Хитой ривожланиш йўналиши билан мос тушишини айтмоқда.

"Йигирматалик гуруҳи" (G20) глобал иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун етакчи форум ҳисобланади. G20 йирик ривожланган ва ривожланаётган давлатларни бирлаштиради, улар улушига дунё ялпи ички маҳсулотининг 85 фоизи тўғри келади. 2013 йилда G20да Россия, 2014 йилда Австралия ва 2015 йилда Туркия раислик қилган.

 

Фото:© РИА