Ҳолливуднинг сўнмас юлдузи Сильвестр Сталлоне 70 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан уюштирилган тантанада 80 нафардан ортиқ  киши қатнашди, шу жумладан Монако шаҳзодаси Альберт ва қўшиқчи Рикки Мартинлар ҳам Сталлонени қутлаш учун ташриф буюришди. 

Кино юлдузининг дўстлари Виктория ва Исаак Оберфилдлар бундай қутлуғ санада актёрга кутилмаган совға тайёрлашди. Улар Сталлонени оиласи билан La Trattoria ресторанига таклиф қилишди. Актёр бу ерга турмуш ўртоғи Женнифер Флавин ҳамда қизлари билан ташриф буюрди ва уюштирилган байрам тантанасидан ҳайратга тушди, зеро уни муборакбод этиш учун бу ерга 88 киши йиғилган эди. 

Сталлоне Nice Matin газетасига берган интервьюсида шундай дейди: “Мен дўстим Викториянинг таклифи билан ушбу ресторанга ташриф буюргандим, бу тантана мен учун кутилмаган совға бўлди. 70 ёшлигимни дўстларим даврасида гамбургер ва картошка фри тановул қилиб ўтказаман деган хаёлда келгандим. Мен ресторанга ташриф буюрган барча дўст ва биродарларимни кўрганимдан жуда бахтиёрман, айниқса шаҳзода Альбертнинг ташрифи мени қувонтирди”.

Шаҳзода Альберт Сильвестрни табриклаб, унга ўзининг онаси – малика Грейснинг имзоланган оқ-қора суратини совға қилди. 

Сильвестр Сталлоне 70 ёшга тўлишига қарамай, ҳеч қандай қарилик аломатларини кўрсатмайди. Актёрнинг маълум қилишича, у янги сериалда мафия бошлиғи ролини ижро этади. 

Сильвестр Гарденцио Сталлоне 1946 йилнинг 6 июлида Нью-Йоркда таваллуд топган. У Ҳолливуднинг машҳур актёри, кинорежиссёри, сценарийнависи ва продюсери ҳисобланади. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида 50дан ортиқ ролларни ижро этган. Улар орасида энг машҳурлари – “Рокки”, “Рэмбо” ва “Тутқич бермас кишилар” фильмлари.