Россия мудофаа вазирлиги Сурияда Россиянинг Ми-25 русумли ҳарбий вертолёти уриб туширилгани ва ундаги 2 учувчи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

"2016 йилнинг 8 июлида россиялик ҳарбий учувчи-конструкторлар Ряфагат Хабибулин ва Евгений Долгин Суриянинг Ми-25 русумли ҳарбий вертолётида Ҳомс вилоятига учишган.

Учиш вақтида, вертолёт Пальмира ҳудудида ҳаракатланаётганида ИШИД жангарилари унга ҳужум қилишган ва вертолёт уриб туширилган", дейилади вазирлик хабарида.

Маълум бўлишича, ўқ-дори олиб кетаётган вертолёт ҳужумга учрагач, ортга қайтган ва Сурия ҳукумати армияси назоратидаги ҳудудга қулаган.

Иккала учувчи ҳам вафотидан кейинги давлат мукофотларига кўрсатилди.