Манар Сархан мижознинг тишини таъмирлаб, қўлларини тозалаб ювди-да, ЕВРО-2016 ўйинларига доир янгиликларни ўқиб, уларни таҳлил қилиш учун тайёрланди. У Мисрда футбол ўйинларини шарҳловчи ягона ва биринчи аёл ҳисобланади. Бу ҳақида Emirates 24/7 нашри хабар қилди

27 ёшли Сархан ҳар ҳафта CBC хусусий телеканалида футбол мусобақаси ўйинларини изоҳлайди, собиқ футболчилардан иборат бу маконда аёл кишининг фаолият юритиши камёб ҳодисадир.

 “Мен стоматология соҳасини касб сифатида танлаганман, футбол эса менинг муҳаббатим ва борлиғимдир”, - дейди Сархан. 

“Дастлаб мен футбол ўйнашга ҳаракат қилдим, бироқ Мисрда бунинг учун аёлларга қулай имконият йўқ. Шу боис футбол ўйинларини таҳлил қилишга қарор қилдим”, - дейди у қабулига келган беморни кўздан кечириб. 

Сархан 2002 йилдан кўнгилли журналист сифатида ишлай бошлади. Шундан сўнг у газета ва ижтимоий тармоқлардаги сайтлар учун мақолалар ёза бошлади. 

Манар Сархан кундузи давлатга қарашли тиббиёт маркази ва дўстининг хусусий клиникасида фаолият кўрсатади. Кечқурун эса футбол ўйинларини кузатиб, сўнгги янгиликларни кўздан кечиради. 

 “Кундузи тиш шифокори, кечқурун эса футбол шарҳловчисиман”, - дея изоҳ беради Сархан жилмайиб. 

Мўмай даромад келтирувчи стоматолог касбига мисрликлар ҳурмат билан қарашади. Спорт оламига шарҳловчи бўлиб кириш эса аёл киши учун осон бўлмаганлиги аниқ. 

Манбага кўра, Сарханнинг хонаси Миср ва Европа футболчиларининг суратлари билан тўлган. 

“Аввал футболга қизиқишимни кўриб, устимдан кулишарди. Ҳамма менга “Қиз боланинг ўрни ошхонада” деб таъкидлашарди”, дейди у.

Европанинг етакчи клублари ва уларнинг ўйинлари Мисрда қизиқиб томоша қилинади. Сархан бу ўйинларни изоҳлашга уста эканлигини исботлади. 

CBC телеканалидан Иброҳим Файёқ дастлаб Сарханни кўрганида унинг аёл киши, устига-устак тиш шифокори эканини эшитиб, ажабланганини билдирди. “Энди эса уни телеканалдан қўйиб юбормаслик учун барча имкониятларни ишга соламан, чунки рақиблар доим уни ўзларига оғдиришга ҳаракат қилишади”, - дейди у. 

“Манар футбол ҳақида кенг тушунчага эга бўлиб, унинг футбол шарҳлари ўзгачалиги билан ажралиб туради. Унинг турли жамоаларнинг режалари ва тактикаларга изоҳ бериши мени ҳайратга солган”, - дейди Файёқ. 

Сарханнинг сўзларига кўра, унинг “Реал Мадрид” клубига бўлган қизиқишига Зинедин Зидан сабабчи бўлган. 

У бирор бир ўйинни кенг қамровли техник таҳлил қилмоқчи бўлса, уни икки маротаба кўриб чиқишини маълум қилди. 

Сарханнинг футболга бўлган қизиқиши уни испан тилини ўрганишга илҳомлантирди, у шу йўл билан Ла Лигадаги ўйинларни асл манбалардан кузатади. У ўз қарашларини янада бойитиш мақсадида итальян ва португал тилларини ҳам ўрганишни режалаштирмоқда.

Онасининг айтишига қараганда, Манар болалигидан футболга меҳр қўйган. “Мен унинг ўз соҳасида ўқишни давом эттиришини истардим, аммо у футбол шарҳловчиси эканлигидан бахтиёр”. 

Сарханнинг орзулари Миср чегарасидан ташқарига чиқиб, у Испанияда халқаро миқёсдаги шарҳловчи бўлиб ишлашни хоҳлайди.