Матадор Виктор Баррио Испаниянинг Теруэль шаҳрида ўтказилган коррида вақтида буқа шохлари зарбидан ҳалок бўлди. Бу 1985 йилдан буён илк марта матадорнинг коррида вақтида ҳалок бўлишидир.

Баррионинг буқа билан жанги тўғридан-тўғри трансляция қилинаётганди. Бу ҳолат тасвирланган видеода кўриш мумкинки, буқа 29 ёшли матадорни ҳавога итқитади ва у ерга тушгач, шохлари билан унинг кўксига кетма-кет зарбалар беради. Матадор оғир жароҳатлардан жон берган.

Испания бош вазири Мариано Рахой ва коррида ташкилотчилари Баррионинг яқинларига ҳамдардлик билдиришган.

Матадор Виктор Баррио

Матадор Виктор Баррио 2011 йилги коррида вақтида

Қайд этилишича, Испанияда ҳар йили буқа билан 2 мингга яқин жанг ўтказилади, аммо кейинги вақтларда бу миқдор камайган. 2010 йилда Каталонияда коррида тақиқланганди.

El Pais маълумотига кўра, 20 асрда Испанияда буқалар томонидан 134 киши ўлдирилган, улардан 33 нафари матадор бўлган.

Хосе Куберо 1985 йили корридада буқа томонидан ўлдирилган охирги тореадор бўлганди.

Буқалар жанги – корридада ихтисослаштирилган фермаларда боқилган буқалар қатнашади. Ҳар бир буқа бир марта жангга киради, чунки белгиланган қоидаларга кўра, буқанинг махсус ўргатилган матадор қўлида жон бериши билан жанг кульминацияси содир бўлади.