Япониянинг Takata фирмаси ўзи ишлаб чиқарган хавфсизлик ёстиқчаларининг носозлиги сабабли айбини расман тан олди. Шу муносабат билан АҚШ ҳукуматига 1 млрд доллар миқдорида товон тўлайди. Бу ҳақда Американинг Детройт шаҳри прокуратураси томонидан эълон қилинган баёнотда сўз юритилган. 

Ҳужжатда қайд этилишича, Takata "фирибгарлик бўйича айбига иқрор бўлган", ҳамда "носоз насосларга эга бўлган хавфсизлик ёстиқчаларини ноқонуний равишда сотгани учун 1 млрд доллар миқдорида товон пули тўлашга розилик билдирган". Ушбу сумманинг 25 млни жарима ҳисобланади, қолган 975 млн доллари етказилган зарар, хусусан, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига етказилган зарарни қоплаш учун сарфланади. Прокуратура маълумотларига кўра, Takata сифатни назорат қилиш бўйича кескин чораларни жорий қилади. Хусусан, келгуси 3 йил мобайнида АҚШ билан келишув шартларга нақадар амал қилинаётгани бўйича мустақил назорат тузилмалари кузатувида бўлади. 

Детройт прокуратурасининг тасдиқлашича, Takata компаниясининг уч нафар топ менежерлари фирибгарлик ҳамда хавфсизлик ёстиқчаларидаги нуқсонларни яшириш учун тил бириктирганликда айбланмоқда. АҚШ ҳукуматига кўра, улар Америка автомобиль ишлаб чиқарувчиларини қалбаки ҳужжатлар воситасида чалғитишган. 

Takata компанияси 2014 йилда можаро марказида бўлиб қолган эди. Ўшанда, АҚШ ҳукумати, мазкур фирма томонидан ишлаб чиқарилган хавфсизлик ёстиқчалари автоҳалокат чоғида нотўғри очиллиши сабабли ёрилиб кетиши ёки металл парчаларини салонда бўлган кишига отиши мумкинлигини аниқлаган эди. Шу каби воқеалардан, дунё бўйича 16 киши ҳаётдан кўз юмган, 180 дан ортиқ одам яраланган. Takata маҳсулотидаги нуқсонлар сабабли 100 млндан ортиқ автомобиль қайтариб олинган.