АҚШ президенти Барак Обама 9 июль кечки пайт Испанияга етиб келди, бу Оқ уй раҳбарининг бу мамлакатга охирги 15 йил ичидаги биринчи ташрифидир.

Испанияга ташриф буюрган охирги АҚШ президенти кичик Жорж Буш бўлган, у бу мамлакатга 2001 йилда ташриф буюрганди.

Испанияга биринчи ташриф буюрган АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр ҳисобланади, у бу Пириней ярим оролига 1959 йилда келган ва шу тариқа ҳукумат тепасига диктатор Франсиско Франко келгандан кейин Испаниянинг яккаланиб қолишига барҳам берилган. АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсондан бошлаб барча президентлар Испанияга келган ва Обама ҳам бундан истисно бўлмади.

Обаманинг ташриф дастурига охирги паллада ўзгартиришлар киритилди. Дастлаб Обама Варшавадан 9 июль кечки пайт Севильяга келиб, 10 июлда қирол Фелипе VI ҳамроҳлигида шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига, жумладан Алькасар ва черковга ташриф  буюриши, сўнгра Рота ҳарбий-денгиз базасига жўнаши, асосий музокараларни эса 11 июлда Мадридда ўтказиши керак эди.

Бироқ Далласдаги тартибсизликлар сабабли Оқ уй ташриф дастурини қисқартиришга қарор қилди. Обама Европадан АҚШга қайтгач, биринчи бўлиб Далласга йўл олмоқчи. Натижада, Обама Испанияда бир кун камроқ бўлади. Обаманинг Севильяга ташрифи вақтига белгиланган барча маданий тадбирлар ва Мадридда қироллик саройидаги расмий тушлик бекор қилинди.

Обаманинг самолёти 9 июлда Мадрид яқинидаги Торрехон аэропортига қўнди. Уни аэропортда Испания қироли Фелипе VI ва ҳукумат раиси ўринбосари Сорайя Саэнс де Сантамария кутиб олди.

Обама 10 июлда қироллик саройига ташриф буюриб, у ерда қирол билан музокаралар ўтказади ва сўнгра мамлакат бош вазирининг расмий қароргоҳи – Монклоага ташриф буюриб, у ерда бош вазир вазифасини бажарувчи ва 20 июндаги сайловларни ютган Халқ партияси етакчиси Мариано Рахой билан учрашади.
Обама Рахой билан учрашгандан кейин Торрехон фуқаролик-ҳарбий аэропортига бориб, у ерда мамлакатнинг йирик мухолиф сиёсий партиялари етакчилари билан учрашади. Бу учрашув ўтказилиши зарурати Испанияда 20 июнда парламентга муддатдан аввалги сайловлар  ўтгани ва Испания ҳукумати ҳали ҳам муваққат мақомини сақлаб қолаётгани билан боғланган.

Сўнгра Обама Кадис вилоятида жойлашган испан-америка ҳарбий-денгиз базаси Ротага жўнаб, у ерда испан ва америкалик ҳарбийлар олдида нутқ сўзлайди.  
Рота – Испания ҳарбий-денгиз кучларининг бош базаси бўлиб, у ерда испан ҲДКнинг бош штаби ва АҚШ ҲДК 6-тезкор  флотининг жойлашув пунктларидан бири жойлашган. Бу ерда 3 минг америкалик ҳарбий жойлаштирилган. 

Бир қатор жамоатчилик ташкилотлари ва уюшмалари Обаманинг ташрифи вақтида норозилик намойишлари ўтказишмоқчи. "Ғурур учун маршлар" бирлашмаси акциялар "империализмга қарши" ва "халқлар мустақиллигини қўллаб-қувватлашга" қаратилган бўлишини айтди. Акциялар "Обама, уйингга жўна!", "НАТО, уруш, базаларга йўқ!" деган шиорлар остида ўтиши айтилмоқда.