АҚШнинг Даллас шаҳри полиция департаментига ҳуқуқ-тартибот муассасаларига навбатдаги ҳужумлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар келиб тушди, деб хабар бермоқда шаҳар полицияси.

Таъкидланишича, хабарлар аноним бўлган, уларда ҳужумлар гўёки "бутун шаҳар бўйлаб" уюштирилиши мумкинлиги айтилган. Полиция бошқармаси штаби айни вақтда ёпиб қўйилган, воқеа жойига махсус кучлар етиб келган, улар бино атрофидаги ҳудудни ўраб олишган. Бу ҳақда CBS телеканали сайтида маълум қилинди.

Телеканал маълумотларига кўра, жиноятчилар полициячиларга ҳужум уюштириш мақсадида Далласга Хьюстондан келишлари мумкин.

Полициячиларга қарши норозилик акциялари 7 июлда АҚШнинг кўплаб шаҳарларида Луизиана ва Миннесота штатларида полициячилар томонидан икки афроамерикалик ўлдирилганидан кейин бошланган. Далласдаги тартибсизликлар вақтида Афғонистонда хизмат ўтаган уруш фахрийси, 25 ёшли қора танли Мик Жонсон полициячиларга ўқ узган. Бунинг оқибатида 5 полициячи ҳалок бўлган.