Эрон ТИВнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони терроризмни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Эрон томонининг бу баёноти саудиялик шаҳзоданинг Эрон ҳукуматини ағдариш ҳақидаги фикридан кейин янгради.

«Саудияликлар машҳур террорчиларга ёрдам беришга ошиқишмоқда. Бу шуни кўрсатадики, улар терроризм ва террорчилардан ўзларининг минтақадаги манфаатларини мустаҳкамлашда фойдаланишади», — деган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Рейтер агентлигининг қайд этишича, саудиялик шаҳзода ва разведканинг собиқ амалдори Турки ал-Фейсал бундан олдинроқ Францияга ташриф буюриб, Эрон мухолифати томонидан ҳукуматга қарши ўтказилган намойишда иштирок этган. Шаҳзода намойишчиларга Эрондаги ҳукумат ағдарилишига эришишларини тилаган.

Бундан олдинроқ, Эрон диний раҳнамоси Ояталлоҳ Али Хоманеий АҚШ, Буюк Британия ва Исроил махсус хизматларини минтақада террорчиликни яратиш ва ўстиришда айблаганди.