Бугун Европа чемпионати якунланади. Финал баҳсида Франция ҳамда Португалия терма жамоалари «Анри Делоне» кубоги учун баҳс олиб боришади. Ўйин Тошкент вақти билан 23:55да Парижда бошланади.

Бу ўйин ўзгача аҳамоят касб этади. Катта эҳтимол билан бугун Жаҳон ва Европа чемпионатининг жорий мавсумдаги энг яхши футболчиси аниқланади. Антуан Гризманн ваКриштиану Роналдулар бугун ҳам порлашса, шубҳасиз «Олтин тўп»ни қўлга киритишади. Агар Криштиану Роналду қаҳрамонлик кўрсатадиган бўлса, бу футбол тарихидаги йирик бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Шу вақтгача Пеле футбол қироли сифатида таъкидлаб келинади. Ундан кейин ҳам кўплаб футболчилар чиқишди, лекин Лионель Месси ва Криштиану Роналдулар индивидуал ўйин борасида барча футболчиларни ортда қолдиришди. Уларнинг шахсий натижаларини такрорлашнинг деярли имкони йўқ.

Айнан мана шу икки футболчи терма жамоаси билан йирик мусобақада қаҳрамонлик кўрсатган ҳолда ғалаба қозонишса, Пелени ҳам ортда қолдиришлари аниқ. Месси буни уддалай олмади. Роналдуда эса ажойиб имконият бор. Биргина ўйинда қаҳрамонлик кўрсатса бўлгани. Шу сабаб бу финал бошқача бўлади...

Португалия Европа чемпионатини «F» гуруҳида бошлади. Гуруҳдаги барча ўйинларда дуранг ўйнаган Роналду жамоаси учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқди. 1/8 финалда улар Хорватия билан баҳслашишди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларнинг иккинчисида эса Рикарду Куарежма гол уриб, жамоасини чорак финалга олиб чиқди.

1/4 финалда Португалия жиддий рақибга дуч келди. Польша билан ўйиннинг ҳам асосий вақтида дуранг натижа қайд этилди. Пенальтилар сериясида португалларнинг омади келди.Ярим финалда Уэльсга қарши Португалия мусобақадаги энг яхши ўйинини кўрсатди. Криштиану Роналду ўйин қаҳрамонига айланди. Ҳужумчи битта гол урди ва Нанининг голига ассистентлик қилди. Шу тарзда Португалия Европа чемпионатининг финалигача етиб келди.

Франция мусобақанинг «А» гуруҳидан ўрин олди. Французлар 7 очко тўплаб, гуруҳда биринчи бўлишди. 1/8 финалда мезбонлар Ирландия билан ўйнашди. Кутилмаганда ирландлар жиддий қаршилик кўрсатишди ва биринчи дақиқаданоқ гол уришди. Бироқ Антуан Гризманнинг дубли Францияни чорак финалга олиб чиқди.

1/4 финалда Франция Исландия билан ўйнади ва мусобақа кашфиётини янчиб ташлади - 5:2.Ярим финалда эса Франция амалдаги жаҳон чемпиони Германиядан устун келди. Бу гал ҳам Гризманнинг дубли жамоасини финалга олиб чиқд. Мезбонлар шу тарзда ўз уйларидаги мусобақанинг финалига етиб келишди.

Португалия ҳамда Франция терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан олиб бориладиган матнли репортажни Tribuna.uz сайтида кузатиб боринг.