Евро-2016 ўтказилишидан Францияда кўрилган иқтисодий самара 1,2 млрд евродан кўпроққа баҳоланмоқда, деб хабар бермоқда нуфузли тадқиқотларга иқтибос келтирган ҳолда УЕФА матбуот хизмати.  

"100 мингга яқин киши мусобақа давомида иш билан таъминланди. 20 минг иш ўрни стадионларни қуриш ва реконструкция қилиш давомида яратилди. 25 минг тўлақонли иш ўрни Евро-2016 доирасидаги иқтисодий фаолият натижасида пайдо бўлди. Мусобақанинг муҳим мероси учрашувларни қабул қилувчи шаҳарларда спорт инфратузилмасини молиялаштиришнинг ўсиши ҳам бўлди.

Мусобақа катта сондаги одамларни ўзига жалб қилди. 2,4 миллионга яқин томошабин ўйинларни трибуналардан томоша қилди. Мусобақанинг машҳурлиги шунчалик юқори бўлдики, Европанинг энг яхши ўйинчиларини кўришни истаган бетараф мухлислардан чипталар олишга 11,2 миллионта ариза тушди. Чемпионат давомида бутун Франциядаги 10та фан-ҳудудига 3,6 млн киши ташриф буюрди", дейилган хабарда.

Бугун, 10 июлда, бир ой давом этган мусобақанинг асосий учрашуви – Франция ва Португалия ўртасидаги финал баҳси бўлиб ўтади. Учрашув кечки соат 00:00да, Париждаги "Стад де Франс" ўйингоҳида бошланади.

Манба: Tribuna.uz