Европа чемпионати финалида 3400 кишидан иборат полиция контингенти навбатчилик қилади. Бу ҳақда чемпионат ўтаётган Франция ҳукумати баёнотига иқтибос келтирган ҳолда AFP ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 1300 полициячи бевосита стадиондаги хавфсизликни, 1400 полициячи Париждаги фан ҳудудларни назорат қилади, яна 700 полициячи жамоат транспортида навбатчилик қилади. 

Франция ва Португалия ўртасидаги финал Париж яқинидаги Сен-Денидаги "Стад де Франс" стадионида 10 июлда бўлиб ўтади. Учрашувга Франция президенти Франсуа Олланд ташриф буюради.

Маълум қилинишича, алоҳида хавфсизлик чоралари Эйфел минораси остонасидаги Марс майдонида ҳам кўрилади. "Учрашувнинг муҳимлиги ҳисобга олинса, 90 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган фан-ҳудудга кўпроқ одам тушишга ҳаракат қилади. Бу вазиятда биз ҳудудга барча киришларни ёпиш учун чоралар кўрамиз", деб айтилди хабарда.