Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (IAAF) махсус матбуот анжумани орқали россиялик енгил атлетикачилар (67 нафар) Рио Олимпиадасида иштирок этишига рухсат берилмагани ҳақида маълум қилди.

Россиялик спортчилар орасида биргина узунликка сакровчи Дарья Клишина мусобақаларда қатнашиш учун рухсат олди ва Олимпиадада мустақил спортчи сифатида иштирок этиши мумкин бўлади.

Икки карра Олимпиада чемпиони Елена Исинбаеванинг мураббийи Евгений Трофимов маълум қилишича, барчага, шу жумладан, Еленага ҳам рад жавоби келган. Ушбу жавоб асосида спортчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя этиш учун Лозаннадаги спорт арбитраж судига даъво аризаси киритилади. 

IAAF 17 июнь куни россиялик енгил атлетларни Рио–2016 Олимпиадасидан четлаштирганди.

22 июнь куни Олимпия саммити IAAF’нинг Россия енгил атлетика жамоасини Рио–2016 Олимпиадасидан четлаштиришини қўллаб-қувватлади.

Спортчиларнинг мусобақадан четлаштирилишига асосий сабаб уларнинг допингдан фойдалангани бўлди.

Бутунроссия енгил атлетика федерацияси 2015 йил ноябрида дисквалификация қилинган эди. Жорий йилнинг февралида эса 4027 россиялик атлетлар халқаро мусобақалардан четлатилган эди.

Манба: Tribuna.uz