Ипотека ёки iPhone? Мана шу савол охирги кунларда Россиядаги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда. Россия Думаси ёшлар иштирокида «Эркин фикрлар майдони» номли ўзига хос форум ташкиллаштирди. Унда ёшлар, жамоат ташкилотлари ва депутатлар қатнашди.

Форум қатнашчиларидан бири бўлган Яна Мамаева унда қатнашаётган «Единая Россия» партияси котиби Сергей Неверовга ипотека тўғрисида савол берди: «Менда айнан сиз олиб бораётган иш тўғрисида савол бор. Иккита олий ўқув юртини битирганман, иккита имтиёзли дипломим бор. Саккиз йилдан буён болалар уйида ишлайман. Ипотека олмоқчи бўлсам, унинг фоизи мен оладиган маошдан кўп. Тушунтириб беринг, мен нима қилишим керак? Бундай яшаб бўладими?».

Бу савол Дума аъзосига унча мақъул бўлмади ва у ғўлдираб сўради: «Сиз иккинчи мутахассисликни пул тўлаб олганмисиз?». Қиз ҳа, деб жавоб берди. Жаноб Неверов сўзини давом эттирмоқчи бўлганида унинг норози кайфиятда эканидан хавотирга тушган Россия Думасининг Ростов вилояти кенгаши депутати Екатерина Стенякина савол берган қизни «талаб кетди».

«Келинг, бир-биримизга нисбатан одил бўлайлик. Бошқаларнинг пулини ҳисоблаш яхши иш эмас, лекин сиз ипотека ҳақида савол беряпсиз‑у қўлингизда iPhone 6 телефони турибди. У 50 минг рубль туради... Қани бошқа иштирокчиларда савол борми?..».

Яна Мамаева телефонни унга дўстлари совға қилишганини тушунтирмоқчи бўлганида, бутун зал ёшлар фаоли бўлган депутатнинг имосига маҳтал бўлиб тургандай қарсак чалиб юборди. Бу ҳолат кўпчиликда норозилик кайфиятини уйғотди. Айниқса, депутатнинг фуқарога нисбатан бундай муносабатда бўлиши одамларнинг ғазабини келтирган.

Кўпчлик россияликлар бундай давлат ишчилари одамларни ўйламаслиги ва бунақалар ишдан олиниши керак эканини таъкидлашмоқда.