Россия терма жамоаси футболчилари Александр Кокорин ва Павел Мамаевнинг Монте-Карлодаги кўнгилхушликлари ҳали ҳам оғизлардан тушмаяпти. Футболчиларнинг можарога сабаб бўлган кечаси ўтган Twiga тунги клуби официанти кечада ҳақиқатда нима бўлгани ҳақида сўзлаб берди, деб ёзади Tribuna.uz

Эслатиб ўтамиз, интернетда тарқалган, Евро-2016’да ютқазган футболчиларга Россия мадҳияси остида қимматбаҳо шампан винолари олиб чиқилиши акс этган видео катта можаро келтириб чиқарганди. Футболчилар тунги клуб меҳмонларини 250 минг евролик шампан виноси билан меҳмон қилганлари маълум қилинганди. 

"Воқеа бундай бўлганди... Футболчилардан икки стол нарида бир рус дўстлари билан ўтирганди. Айнан у виноларни буюртирган. Албатта, 250 минг евролик эмас, 50 минг евролик", деб воқеани айтиб берди тунги клуб официанти НТВ мухбирига.

Монакодаги клуб эгаси ва ўша кеча гувоҳининг таъкидлашича, футболчилар ўша машъум виноларга буюртма бермаганлар ва уларни истеъмол қилмаганлар, винолар учун тўланган пул эса умуман "осмондан" олинган.