18 мингдан кўпроқ венесуэлаликлар 10 июлда егулик ва биринчи эҳтиёждаги маҳсулотларни сотиб олиш мақсадида Колумбия чегарасини кесиб ўтдилар. Бу ҳақда Колумбиянинг Норте-де-Сантандер департаменти бошлиғи Уильям Вильямисар маълум қилди, деб ёзмоқда Колумбиянинг La Opinion газетасининг электрон версияси.

Тачир штатида яшовчи венесуэлаликлар қўшни Колумбияга 12 соатга очилган вақтинчалик гуманитар канал орқали ўтмоқдалар.

"Бу гуманитар каналнинг мавжудлиги Венесуэлада ҳеч қандай гуманитар инқироз йўқлигини айтаётган мамлакат ташқи ишлар вазири Дельси Родригеснинг ёлғон гапираётганини ошкор қилади. Бизнинг шундай бой давлат гуманитар каналларга тобе бўлиб қолгани ачинарли ҳолатдир", деб ёзди твиттерда Венесуэла парламенти муҳолиф депутати Лейди Гомес. Нашрнинг таъкидлашича, Венесуэла ҳукумати 2015 йил 19 августдан Тачира штати ва Норте-де-Сантандер департаменти орқали ўтувчи чегарадан ўтишга рухсат берган.

Охирги йилларда Венесуэла оғир иқтисодий ва молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда, бу вазият охирги икки йил ичида мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть нархининг пасайиши сабабли янада оғирлашди. Мамлакат инфляция, озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллигига учради. Жорий йилнинг май ойида вазият шунчалик кескинлашиб кетдики, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида тақчилликдан норозилик намойишлари ҳуқуқ-тартибот муассасалари билан тўқнашувларга айланиб кетди.  

Венесуэла президенти Николас Мадуронинг сиёсий рақиблари назоратида бўлган Венесуэла миллий ассамблеяси жорий йилнинг февралида озиқ-овқат соҳасида фавқулодда вазият эълон қилди. Депутатларнинг фикрича, мамлакат раҳбариятининг нотўғри ҳаракатлари туфайли мамлакат "гуманитар инқироз" ва "озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги" билан тўқнаш келди.