«Бавария» жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти мюнхенликлар клуби бош мураббийи сифатида таништирилганидан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида Германия чемпионати ҳақида нималарни ўйлаётганини айтиб ўтди.

«Мен бу ердалигимдан хурсандман. Бунинг учун «Бавария» раҳбариятига миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Дўстим Гвардиола бу жамоада кейинги бир неча мавсум давомида жуда яхши иш олиб борган. Ажойиб жамоа шакллантирилган. «Бавария» – дунёдаги энг катта жамоалардан бири. Мен бу клубни яхши биламан, биз ҳужумкор ўйин намойиш этамиз. Лекин мен бу ерга инқилоб қилиш учун келмадим. Гвардиола қўллаган ўйин услубини ривожлантиришда давом этамиз.

Мен «Бавария»да Жованни Трапаттонидан кейинги иккинчи италияликман. Бу жамоада ўз изимни қолдирмоқчиман. Мен 4-4-2 ёки 4-3-3 схемаси бўйича ўйнашим мумкин.

Босимга ўрганиб қолдим, ҳозир эса уни ҳис қилмаяпман. Германия чемпионати — юқори рақобат мавжуд бўлган қизиқарли чемпионат. Менга Бундеслигадаги стадионлар ёқади.

Клуб билан Ҳуммельс ва Санчешнинг трансфери жараёнида бирга ишладик. Клуб мен сўраган трансферларни амалга оширди», – деган Анчелотти.

Матбуот анжумани вақтида Анчелотти сўзини немис тилида бошлаган, кейин саволларга инглиз ва итальян тилларида жавоб қайтарган.

Манба: Tribuna.uz