Истиқлолни шарафловчи, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт қадрини англатувчи бир биридан мазмунли, серзавқ тадбирларнинг яна бири бугун Бобур заминига етиб келди. “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги  учрашувларда иштирок этиш учун пойтахтдан санъат намояндалари ташриф буюрдилар.

11-16 июль кунлари Андижон вилоятида республикамизнинг таниқли маданият ва санъат намоёндалари, шоир, ёзувчи, олимлари иштирокида Мустақиллигимизнинг 25 йиллига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилади.

Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ушбу тадбирлар шиддат билан ривожланиб бораётган юртимизда аҳоли, айниқса ёшларни умумбашарий ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини турли мафкуравий, маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш, ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Кеча меҳмонлар Фарғона вилояти Қува тумани ҳамда Андижон вилояти Асака тумани чегарасида катта шодиёналик билан кутиб олиндилар. Миллий либосларда, гулларга бурканган қизлар, саф тортган йигитлар, маҳалла вакиллари интиқлик билан меҳмонларга пешвоз чиқдилар. Карнай, сурнай садолари чор атрофга ҳамжихатлик, аҳиллик ҳукм сураётган диёрда яна тўй-тантанадан дарак берди.

Андижон вилоятидаги тадбирлар 14 та туманда, яъни Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўз, Жалолқудуқ,Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор, Хўжаобод, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Андижон туманлари ҳамда Хонобод ва Андижон шаҳарларида ўтказилади.

Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу тадбир юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда тарғибот гуруҳи аъзолари, вилоятда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманни Андижон вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов очиб, тадбирнинг мазмун-моҳияти ва унинг ташкилий жиҳатларига тўҳатилиб ўтди. Шундан сўз олган Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жамолдин Узоқов  матбуот ходимларидан жойларда ўтказиладиган ҳар бир тадбирни ёритиш жараёнига ижодий ёндашиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг кўтаринки кайфияти, шукроналик ҳиссини вилоят ва марказий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор беришларига тўҳталиб ўтди. Ўзбекистонда халқ артисти Гавҳар Зокирова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобовлар ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Шундан сўнг тарғибот гуруҳи аъзолари тадбирларни ўтказиш учун туманларга йўл олди.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон