БМТ ахборот маркази томонидан Тошкентда ўтган ШҲТ саммитига бағишлаб мақола эълон қилинди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Материалда хабар берилишича, Тошкентда ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилишида сиёсий ишлар бўйича БМТ бош котиби ўринбосари Жеффри Фелтман ҳам иштирок этган. БМТ бош котиби номидан қилган чиқишида Фелтман ШҲТнинг экстремизм, террорчилик ва ноқонуний наркотик савдосига қарши курашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мақолада, шунингдек, бош котиб Пан Ги Мун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, республика ҳукуматига ва Ўзбекистон халқига «тарихий саммит» юксак савияда ташкил этилгани, шунингдек, унинг иштирокчиларига нисбатан кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдиргани алоҳида қайд қилиб ўтилди.
«Ўз мурожаатида БМТ бош котиби шу йили у тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш бўйича ҳаракат Режасини тақдим этганини эслатиб ўтди. Унда хавфсизлик чораларини мустаҳкамлаш ҳамда мазкур ёвузликни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этишга қаратилган 70 дан ортиқ тавсия ўрин олган», — дейилади мақолада.
БМТ вакили халқаро ташкилот ШҲТ билан алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини ишонтириб айтди.