Американинг Boeing авиасозлик корпорацияси, янги самолётлар бозори ҳажмига оид ўз қарашларини эълон қилди. Унга кўра, яқин 20 йилда янги ҳаво лайнерларига бўлган талаб дунё бўйлаб 4,1фоизга ошади. Boeingнинг тахмин қилишича, келаси 20 йилда 39 620 дона турли русумдаги самолётлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг бозордаги умумий қиймати 5,9 трлн долларни ташкил этади. Авиакорпорация ўз башоратларини Фарнборо авиакўргазмасининг биринчи кунида эълон қилди. 

Boeing Commercial Airplanes маркетинг бўлими вице-президенти Рэнди Тинсетнинг сўзларига кўра, ҳисобот даврида торсалонли самолётларга бўлган талаб ортиб, жами 28 140та янги ҳаво лайнерлари ишлаб чиқарилади. 

"Шубҳасиз, Америка компаниясининг Boeing MAX 8 ва MAX 200 ҳаво лайнерлари торфюзеляжли самолётлар бозорининг негизини ташкил этади. Ҳозирданоқ, ушбу турдаги ҳаво кемалари бозорнинг 76 фоизини қамраб олгани, шундай дейишга асос бўлади", - деган Рэнди Тинсет.  

Компаниянинг тахминича, кенгсалонли самолётлар борасида талаб 9 100тани ташкил этади. Бу русумли ҳаво кемаларига энг юқори талаб 2021-2028 йилларда кузатилади. Айни шу даврда мавжуд самолётлар алмаштирила бошланади. Boeingга кўра, вақти келиб жуда йирик самолётлар ўз ўрнини 787, 777 ва 777X каби ўрта ва тор салонли самолётларга бўшатиб беради. 

Авиацияда юк ташиш ҳажми эса йилига 4,2 фоизга кўтарилади. Бунинг учун 930 та янги ва 1 440 дона ўзгартириладиган юк самолётлари ишлаб чиқариш лозим бўлади. 

Минтақалар бўйича Осиё етакчилик қилиб, 15130 та самолётга буюртма беради, Шимолий Америка 8330та ҳаво кемаси сотиб олса, 7570 дона лайнерни Европа харид қилади. МДҲ мамлакатларига 1170та самолёт етказиб берилиши тахмин қилинмоқда. Минтақалар орасида энг кам харид Африка қитъаси томонидан амалга оширилади. Ушбу қитъа мамлакатларига жами 1150 дона янги ҳаво лайнери етказб берилади.