Walt Disney Studios фильмлари 2016 йил жаҳон прокатида 5,02 миллиард доллар ишлаб олди. Шуниси диққатга сазоворки, бундай кўрсаткичларга рекорд муддатда эришилди. Бу ҳақида Deadline нашри хабар берди. 

"Капитан Америка: Фуқаролик уруши" фильми бутун дунё бўйлаб 1,15 миллиард доллар, "Зутопиа" - 1,02 миллиард доллар, "Чангалзор китоби" - 936 миллион доллар, "Дорини излаб" - 643 миллион доллар тўплади. 

Бундан аввалги рекорд натижа Universal'га тегишли бўлган: 2015 йилнинг 17 июлида "Юра даври дунёси" фильмидан тушган пуллар 5 миллиард долларга етган. Disney'га келадиган бўлсак, студия ўз тарихида иккинчи марта 5 миллиард доллар кўрсаткичини қайд этди. 

2016 йилда Disney "Питнинг аждарҳоси" (августда), "Доктор Стрэнж" ва "Моана" (иккаласи ҳам ноябрь ойида чиқади), "Қароқчи:Юлдузлар жанги ҳикоялари" (декабрда) каби ленталарини тақдим этиши кутилмоқда.