Эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши  бўйича Ўзбекистон ўсмирлар  терма жамоаси  аъзолари  Хитой  Тайпейининг Тайчжун шаҳрида  ўтказилган  Осиё чемпионатида 1 олтин, 2 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Эркин кураш бўйича вазни 46 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувларда қатнашган Рустамбек Жўраев қитъада тенгсиз эканини исботлади. Иқтидорли спортчимиз таиландлик Раттанманун Ратанативат, эронлик Амирҳусайин Ҳоди Ҳодабакшипарижан, КХДРлик Ҳёнсонг Ханн ва қозоғистонлик Нуримбет Атабекули устидан ғалаба қозонди. Вазни 42 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида Ислом Илҳомов учинчи ўринни эгаллади.

Юнон-рум кураши бўйича ўз вазн тоифасида финалгача кечган беллашувларда ғалаба қозонган Элбек Эргашев ва Муҳаммадқодир Юсупов кумуш медаль билан тақдирланди.

Ихтиёр Ботиров, Муҳаммадали Обиджонов ва Парвиз Мўминов бронза медални қўлга киритди. Хотин-қизлар кураши бўйича Ҳадича Нажимова учинчи ўринни эгаллади.