Хитойнинг Xiamen Airlines давлат авиакомпанияси 3,39 миллиард долларга 30 та 737 MAX 200 самолётларини сотиб олиш учун Boeing корпорацияси билан дастлабки шартномани имзолади. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар беради

ХХР ҳукумати тасдиқлаши керак бўлган шартнома Британиянинг Фарнборосидаги халқаро авиасалонда компаниялар вакиллари томонидан тузилган.

"Биз Xiamen Airlines билан муносабатларимиз янги босқичга кўтарилганлигидан хурсандмиз. Бозордаги энг яхши 737 MAX 200 самолётларининг ишончли ва самарадорлилиги Xiamen ва унга қардош компанияларга парвозлар кўламини кенгайтириш имконини беради", - деди Boeing раҳбари Рэй Коннор. 

Ҳозирда Xiamen Airlines паркидан фақат Boeing самолётлари ўрин олган: жами 140та лайнер - 6та 787 Dreamliner, 130та Boeing-737 Next-Generation ва 4та Boeing-757. Ташувчи 2020 йилнинг охирига бориб, ўз флотини 200та самолётга кенгайтирмоқчи. 

Boeing 737 MAX самолётлари авиакорпорация томонидан Boeing 737 Next Generation сериясидаги самолётларни алмаштириш учун ишлаб чиқилган. Машиналарнинг янги авлоди янада кучли двигателлар билан таъминланган.