Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасига кўра, «Чимкентпиво» заводи директори Тўхтар Тулешов, катта қарздорлик ботқоғига ботиб қолгани боис, давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган. Бу ҳақда, «Интерфакс» агентлиги маъмурият  матбуот хизмати вакили Руслан Карасевга асосланган ҳолда хабар қилган.

Унинг сўзларига кўра, Тулешов ўзининг уюшган жиноий гуруҳини таъминлаш учун катта маблағ сарфлаган. Тўкин-сочин ҳаётни орзу қилган Тулешов банклар ва трансмиллий жиноий жамиятлардан ҳам қарз олган. Унинг қарзи, МХҚ маълумотларига кўра, 200 млн доллардан ошади. 

«Айни шу вақтда, Тулешовда ҳокимиятни куч билан эгаллаш истаги пайдо бўлган», — деган Карасев.

Пиво заводи директори, маъмурий бошқарувни қўлга киритгач, банк қарзларини қайтариш муаммосини ҳал этишни режалаштирган. Бунинг учун у давлат раҳбари лавозимини эгаллашни ўйлаган.