Тошкент вилояти, Чиноз тумани прокурори Беҳзод Мирсоатов лавозимидан четлатилган. Sputnik агентлиги прокуратурадаги манбасига асосланиб хабар тарқатишича, Ўзбекистон Ҳуқуқни сақлаш органлари Аҳмад Турсунов иши бўйича Чиноз туман прокуратураси ходимлари фаолиятини текширмоқда.

“Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат. Бу ерда давлат хизматчилари фақатгина миш-мишлар асосида ишдан бўшатилмайди. Прокурор ўз лавозимидан четлатилган, бу рост. Унинг ўрнига прокурор вазифасини  вақтинча бажарувчи тайинланган. Бу эса айни дамда олиб борилаётган тергов ишлари билан боғлиқ. Шунингдек, айбсизлик презумпцияси амал қилмоқда”, — деган манба.

Тергов натижалари аниқ бўлганидан кейин туман прокуратураси ходимларининг айбдорлиги ёки айбсизлиги маълум бўлади. Улар “Аҳмадбой” фаолиятини била туриб бунга кўз юмгани ёки ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қарагани аниқланади. Шундан сўнг уларга нисбатан қонунда белиланган тартибда чора кўрилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз Авто Хамкор» корхоналари таъсисчиси ҳисобланган Аҳмаджон Турсунбоев икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан жуда катта миқдордаги омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган.

Бу жиноят аниқланганидан кейин Ўзбекистон МХХси ва ҳуқуқни сақлаш органлари шу кунларда Чиноз туманидаги милиция бўлимлари ва солиқ инспекцияларида текширувлар ўтказишни бошлади.

Тергов натижасида аниқланишича, ҳар қандай назорат ёки бошқарув органи, Аҳмадбой Турсунбоевнинг фирибгарлик ҳаракатлари бошланганидан бир неча ой ўтиб аниқлаш имконига эга бўлган. Ваҳоланки, “Аҳмадбой” ўз фаолиятини беш йил олдин бошлаганди.