Буюк Британия молия вазири Жорж Осборн мамлакат Евроиттифоқдан тўлиқ чиққандан сўнг бизнес учун янада очиқ бўлади ва ўз савдо сиёсатини мустақил белгилай олади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақида у The Wall Street Journal'даги мақоласида маълум қилган. 

"Биз ЕИ билан эркин савдони йўлга қўйган эдик, энди эса уни бутун дунё миқёсида амалга оширмоқчимиз", - деб ёзган Осборн. 

Молия вазири Британиянинг Brexit'дан кейин жаҳон иқтисодиётига камроқ жалб қилиниши ҳақидаги фикрни инкор этди, аксинча, Бирлашган Қироллик энди ўз эътиборини ташқи алоқалар ва глобал жараёнларга қаратишини ҳамда мамлакатнинг "бутун дунё бўйлаб дўстлари ва иттифоқдошлари" билан алоқаларини мустаҳкамлаш имконияти пайдо бўлишига ишончи комил эканлигини билдирди.  

Унинг фикрича, ишни Шимолий Америка билан узвий иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишдан бошлаш лозим. Осборн АҚШ конгресси Вакиллар палатасининг спикери Пол Райан билан савдо алоқаларини мустаҳкамлашга доир музокараларни ўтказиб бўлган, бу ҳафтада эса у мамлакатнинг молия вазири Жейкоб Лью билан учрашишни режалаштирган. 

Шунингдек Осборн миллий инфратузилмага инвестициялар жалб қилиш ва йирик шаҳарлардан ташқарида янги иш ўринларини яратиш зарурати тўғрисида ёзган.