АҚШ президенти Барак Обама 12 июль, сешанба куни Даллас шаҳрига ташриф буюриб, 7 июлда маҳаллий фуқаро Мика Хавьер Жонсон томонидан отиб ўлдирилган 5 полициячининг хотирасига бағишланган тадбирларда иштирок этади. Бу ҳақда 10 июлда журналистларга Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест маълум қилди. 

Далласдаги фожиа сабабли Обама Испанияга сафарини бир кунга қисқартирди ва 10 июлда Вашингтонга қайтди. "Сешанба куни президент Далласга жўнайди ва у ерда Мортон Мейерсон номидаги концерт залида ўтадиган дафн маросимида иштирок этади", деб айтди Эрнест.

Далласдаги фожиа полициянинг афроамерикаликларга нисбатан қаттиққўллигига қарши ўтаётган намойиш вақтида содир бўлди. 5 нафар полициячи ҳалок бўлган, яна 7 нафар полициячи ва икки фуқаро жароҳат олган. Отишмани содир этган қора танли собиқ ҳарбий Жонсон махсус роботга жойлаштирилган портловчи қурилмани портлатиш натижасида йўқ қилинган.