Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон 13 июль кечки пайт ўз лавозимидан истеъфога кетишини айтди.

Кэмерон, шунингдек, у кетганидан кейин ички ишлар вазири Тереза Мэй Буюк Британиянинг янги бош вазири бўлишини айтди. 

"У кучли, компетентли, у Британияга яқин йилларда керак бўладиган етакчи бўлишга қодир ва у менинг тўлиқ қўллаб-қувватловимни олади", деб айтди Кэмерон.

Кэмероннинг айтишича, у 13 июлда истеъфога кетиш ҳақидаги аризасини имзолайди ва кечга яқин ўз хонасини тарк этади.

Аввалроқ Буюк Британия энергетика вазири ўринбосари Андреа Лидсом бош вазир лавозими учун курашдан чиқишини айтганди. Бу қарор натижасида Тереза Мэй бош вазир лавозимига ягона номзод бўлиб қолди.

Буюк Британияда Европа Иттифоқида аъзолик қилиш бўйича ўтказилган референдумдан кейин Кэмерон 2016 йил кузигача истеъфога кетишини айтганди.