Буюк Британия Энергетика вазири ўринбосари Андреа Ледсом бугун мамлакат бош вазирлиги учун сайловда ўз номзодини қайтариб олганидан сўнг Ички ишлар вазири Тереза Мэй ягона номзод бўлиб қолди. 

Сайловларнинг биринчи босқичи 5 июль куни бўлиб ўтди. Кейинги овоз бериш жараёни 7 июлда ўтказилди.

12 июлда эса номзодларнинг икки нафари қолиши белгиланганди. Шундан кейин бу икки номзоднинг тақдири депутатлар томонидан эмас, балки Консерватив партиянинг 150 минглик аъзоси ихтиёрига топширилиши кутилаётганди. Улар ўз фикрларини почта орқали ҳам билдиришлари мумкин эди. “1922 йил Қўмитаси” белгилаб берган режага кўра, партия янги раҳбари ва янги бош вазир номи 9 сентябрга қадар эълон қилиниши керак эди.

7 июль куни Буюк Британия парламентарийлари орасида Консерватив партия етакчиси ва мамлакат бош вазири лавозимига номзод ҳақидаги масала бўйича овоз беришнинг иккинчи ва сўнгги давраси якунланди. Унда Тереза Мэй, Андреа Ледсом ва адлия вазири Майкл Гоувдан иборат уч номзоддан икки аёл қолганди. Мэй 199та, Ледсом 84та, пойгадан чиқиб кетган Гоув бор-йўғи 46та овоз тўплаганди.

Лекин Ледсом муддатидан олдин "таслим бўлди".

"Тереза Мэй парламент фракцияси аъзоларининг (тори) 60 фоизи томонидан қўллаб-қувватланмоқда. У Brexit дан кейин британияликларга энн тўғри ечимни кўрсата олиши мумкин", деган ўз номзодини қайтариб олган Ледсом.

У шунингдек, ўзини қўллаганларга (84 депутат) миннатдорчилик билдирган.

Жамоатчилик сўровлари ҳам Мэйнинг имкониятлари катта эканини кўрсатди.

Ўтган шанба куни Ледсом The Times нашрига берган интервьюсида ўзини номуносиб тутганди. У Мэйнинг бефарзандлигига ишора қилиб, ўзининг 3 фарзанди сайлов пойгасида устунлик бериши ҳақида ҳазиломуз гап айтиб ўтганди. Кейинроқ у омма олдида бу гапи учун расман узр сўради.

Хабарларда Тереза Мэй Буюк Британия ҳукуматини яқин соатларда бўлмаса, яқин кунларда бошқаришни бошлаши ҳақида айтилмоқда.

Тереза Мэй – яхши нотиқ бўлиб, тез-тез терроризмга қарши кураш масаласида ва ноқонуний муҳожирларга нисбатан кескин фикрларни айтиб туради. У референдум арафасида бош вазирни қўллаб-қувватлаб, аҳолини Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибида қолиш учун овоз беришга чақирган эди. Шу сабабли ҳам таҳлилчилар айнан Мэй сайловларда ғалаба қознишига ишонмоқда. Чунки у ҳукумат ва парламентда катта тажриба тўплагани боис бош вазирликка муносиб номзод экани очиқ айтилади. Уни мамлакат тарихидаги биринчи аёл - бош вазир, 1979 йилдан 1990 йилгача ҳукуматни бошқарган Маргарет Тэтчерга (1925-2013) қиёслаш бошлашди.

Мэй хоним номзод сифатида сўзлаган биринчи нутқида бир қатор муаммоларга тўхталиб ўтди. “Сайлов кампанияси тугади. Халқ Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши учун овоз берди. Биз халқ иродасини ифода қилишимиз керак” деди у.

У шунингдек, мамлакатнинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш жараёнларини сунъий равишда тўхтатишга ва қайтадан референдум ўтказилишига қарши эканлигини билдирди. Тереза Мэйнинг айтишича, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларини тарк этиш жараёнлари бир неча йиллар давом этади. Ўз сўзида Лиссабон Шартномасининг 50-моддаси йил охирига қадар қўлланилмаслигини, буюк британияликларнинг Европа Иттифоқидаги, Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқороларининг Буюк Британиядаги мақоми яқин орада ўзгармаслигини ҳам эслатиб ўтди. 

Лиссабон Шартномасининг 50-моддаси Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш борасида Буюк Британиянинг ариза беришини англатади. Кўриниб турибдики, яқин ярим йил ичида Лондон ариза бериш ниятида эмас. Ариза берилган санадан бошлаб икки йил мобайнида Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши керак. Бундан аввал Европа раҳбарлари Иттифоқ сафларидан чиқиш борасидаги ариза имкон қадар тезроқ берилиши кераклигини айтишганди. Мэйнинг фикрича, референдум натижалари туфайли мамлакатда муддатдан илгари сайловлар ўтказилмайди ва фавқулодда бюджет қабул қилинмайди.

“Менинг фикримча, 2020 йилга қадар умумий сайловлар ўтказилиши шарт эмас. Ҳукумат ишлашда давом этиши, ўз мажбуриятларини бажариши керак. Фавқулодда бюджет ҳам шарт эмас”, деган Мэй.

Тереза Мэй мамлакатга келаётган муҳожирлар сонини қисқартириш тарафдори эканлигини ҳам айтиб ўтган.