Пойтахтдан ташриф буюрган адабиёт, санъат намояндалари, миллий истиқлол ғояси тарғиботчиларининг катта бир гуруҳи 11 июль куни Асака, Бўз ва Балиқчи туманларида бўлдилар. Самимий мулоқотларда шонли тарихимизнинг йигирма беш йиллик олтин саҳифаси бош мавзуга айланди.

Истиқлол йилларида кундан-кун чирой очиб бораётган Асака туманида меҳмонларни тантанали равишда кутиб олдилар. Тарғибот гуруҳи вакиллари тумандаги бир қатор касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида бўлиб аҳоли ва ёшлар билан учрашди.

Учрашувларда юртимизнинг бугунги кунда барча соҳаларда қўлга киритиб келаётган улкан ютуқлари, шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларимиз онгини миллий қадриятларимизга ёт бўлган зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳар биримиз жиддий ёндошишимиз лозимлиги эътироф этилди. Эркин мунозара тарзида ўтган машваратда аҳоли вакиллари ва ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топдилар.

- Эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодга ишонамиз, - деди киноактёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рихсивой Алиев. Таниқли санъаткор асакалик ўзбек жанг санъати бўйича Жаҳон чемпиони Моҳигул Аҳмаджонова билан самимий мулоқоти чоғида бу қиз Францияда спорт шоҳсупасига кўтарилганлигини айтганида барча қарсаклар билан олқишлади.

-Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир инсонлар билан фахрланамиз, - дейди киносанъаткор Анжелина Есембетова.

“Ниҳол” мукофоти совриндори Шаҳзодбек Собиржоновнинг янгроқ овози даврага файз киритди. “Олтин қалам” мукофоти соҳибаси Замира Рўзиеванинг шеърларида мустақиллик, она юртга меҳр-муҳаббат туйғулари васф этилди.

Учрашувлар якунида гала-концерт дастури намойиш этилди.

Бу – менинг Ватаним, мен унинг фарзандиман, шу юрт равнақи ва буюк келажаги йўлида меҳнат қилишга, эзгуликка интилиб яшашга ҳақлиман, дея қалб амри билан яшаётган ҳамюртларимиз ҳаётида бу маданий-маърифий тадбирлар ўчмас из қолдириши, шубҳасиз. Учрашув-мулоқотлар давом этмоқда.

 

Мавлуда Азимова, “Асака тонги” газетаси муҳаррири