Истанбулнинг "Бешиктош" жамоаси ярим ҳимоячиси Хосе Соса ёзги таътил тугаганидан кейин мавсумолди йиғинларида иштирок этиш учун клуб базасига қайтмаган. 31 ёшли аргентиналик бу футболчи терактлар такрорланишидан қўрққани учун, Туркияни бутунлай тарк этмоқчи.

Бундан олдинроқ Соса "Милан" жамоасига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни 3 нафар террорчи Истанбул шаҳридаги халқаро аэропортда ўзини портлатиб юборганди. Бу теракт оқибатида 42 киши ҳалок бўлиб, 239 киши жароҳатланди.

"Аэропортда рўй берган сўнгги теракт вақтида оила аъзоларим ҳам жабрланиши мумкин эди. Бу воқеадан кейин Истанбулдан кетдик. Бизнинг икки қизимиз бор, улар мўъжизанинг ўзгинаси. Биз уларни ҳимоя қилишни истаймиз. Мен жамоа раҳбарияти билан гаплашиб, уларда менга ёрдам беришларини сўрадим ва уларга оиламдан хавотирда бўлган ҳолда яшай олмаслигимни билдирдим.

Мен "Бешиктош"га шу вақтгача кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдираман. Биз биргаликда ажойиб йилларни ўтказдик. Лекин энди кетишим керак", дея унинг сўзларини келтиради The Sun нашри.

Манба: Tribuna.uz