Июль ойи бошида Чикаго университетининг археолог олимлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюришди. Улар орасида Жил Жереми Стейн ва Жеймс Фуллер бор. Уларнинг вазифаси вилоятда бундан кейинги қидирув ишларини олиб бориш учун грантлар жалб қилишдан иборат бўлади.

"Олимларнинг мақсади вилоятда узоқ муддатли қазилма ишларини олиб бориш учун грант жалб қилишдан иборат", деб хабар қилади "Ўзбектуризм" МК ахборот хизмати.

Қайд этиш керакки, Чикаго университети ушбу соҳада изланишлар олиб боришда дунё бўйича биринчи ўринда туради ва унинг кўпгина битирувчилари Нобел мукофотига сазовор бўлган.

Археологлар Ўзбекистондаги энг қадимий маскан ҳисобланган Шеробод туманидаги Жарқўтон (мил.авв XV-X аср) шаҳарчасида бўлишди. Бронза даври бўйича мутахассис, профессор Жил Жереми Стейн ҳудуд бўйлаб саёҳат қилди. Шунингдек, археологлар жамоаси Музробод туманидаги Кучуктепа (мил.авв X- V аср, темир даври бошланиши), Эски Термиз шаҳри, археология музейи ва Термиз давлат университетида бўлишди.

Ташриф якунида чикаголик олимлар ва вилоят археологлари билан учрашув ташкил этилди. Унда тарихий ёдгорликларни сақлаб қолиш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш, қазилма ишларини олиб бориш ва уларни ўрганиш бўйича тренинглар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.