Европа Иттифоқи аъзоларининг иқтисод ва молия вазирлари кенгаши томонидан маълум қилинишича, Испания ва Португалия ўз бюджетларидаги тақчилликни камайтириш учун етарли чораларни қўлламаган. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар тарқатди.

«Кенгаш Португалия ва Испания зарур чоралар кўрмаган деган фикрга келди», — дейилади хабарда.

Бу эса эндиликда бу мамлакатлар ЯИМининг 0,2 фоизи миқдоридаги жарималар қўлланиши бўйича жараён ишга туширилишига йўл очади.

20 кун мобайнида Еврокомиссия санкция борасида ўз таклифини бериши керак бўлади. Ён беришлар ва ҳатто жарима миқдори нолга туширилиши ҳам мумкин.

Ўз навбатида, Испания ва Португалия 10 кун ичида жарима миқдорини камайтириш учун асосларни келтирган ҳолда мурожаат қилиши мумкин. Агар бу давлатлар етарли асослар келтира олишса, ЕИ кенгашида якуний ҳукм чиқариш учун 10 кун бўлади.

Маълумот учун, Португалия бюджетидаги дефицит 2015 йилда 4,2 фоизни ташкил қилган, 2014 йили бу кўрсаткич 7,2 фоиз эди. Испания бюджетидаги 2015 йилги дефицит 5,1 фоизга тенг бўлган.