Венесуэланинг минглаб оч-наҳор аҳолиси егулик илинжида Колумбияга йўл олди. Бу ҳақида Financial Times хабар қилди

Маълумотларга кўра, 10 июнь куни Венесуэла ҳукумати Колумбия билан чегарасини очган ва атиги 14 соат ичида тахминан 35 минг венесуэлалик чегарадан ўтган. Улар Кукута шаҳрида ўз мамлакатларида камнамо бўлган ёки баланд нархда сотиладиган маҳсулотлар - гуруч, ўсимлик ёғи ва маккажўхори унини талаб кетишди.

"Биз Колумбия чегарасидан ўтаётганимизда, ниҳоят Венесуэлада бизга етишмаётган егулик топа олишимизни ўйлаб, йиғлаб юборай дедик", - дейди венесуэлалик Омар Торрес. 

Колумбиялик амалдорлар агар Венесуэла ҳукумати озиқ-овқат инқирозини енга олмаса ҳамда қочқинлар оқими Колумбияга ёпирилса, уларнинг ўз режаси борлигини маълум қилишди. 

"Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжуд, мамлакатда аҳолининг аксарият қисми истеъмол қилиши учун ҳеч нарса қолмаган", - деди Каракасдаги халқаро инқироз гуруҳининг таҳлилчиси Фил Гансон. 

Венесуэла расмий вакиллари мамлакатдаги гуманитар инқирозни тан олишдан бош тортишмоқда ва мавжуд муаммоларда гўёки Вашингтоннинг қўллаб-қувватлаши остида ҳаракат қиладиган ўнг мухолифатни айблашмоқда. 

Шунингдек Datanalisis тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, Венесуэла пойтахтида жойлашган супермаркетларда асосий маҳсулотларнинг 80 фоизи йўқ. Экспертларнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги валюта назорати ва озиқ-овқат саноатининг миллийлаштируви маҳсулотларни ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатган.