Геофизиклар Бангладешнинг деярли бутун аҳолиси – 140 млн киши қурбон бўладиган мегазилзила муқаррар юз беришини прогноз қилмоқдалар. Бунга бағишланган тадқиқот Nature Geoscience журналида чоп этилди, у ҳақда АҚШнинг Колумбия университети маълум қилди.

Олимлар бўлғуси фалокатга Ҳинд-Австралия тектоник плитасининг Бирма плитаси остига кириши сабаб бўлишини айтишмоқда. Бу эса мегазилзилага олиб келади. Тадқиқотнинг кўрсатишича. субдукция (плиталарнинг бирининг остига иккинчисининг кириши) айни вақтда нафақат Ҳинд океанида, балки қитъада ҳам содир бўлмоқда. 

Олимларнинг ҳисобича, ер ости таранглиги охирги 400 йил ичида ушлаб турилибди. Бангладешдаги 26 станциядан олинган ўлчовлар ўрганилган ҳудудда плиталар йилига 5 сантиметрдан кўпроқ силжиётганини кўрсатди.

Тўпланиб қолган энергиянинг чиқиши 40 минг квадрат км дан кўпроқ ҳудудда юз бериши керак. Фалокат ҳудуд географиясининг кескин ўзгариши ва 9,0 магнитудали зилзила билан кечади, бу ерда эса дунёдаги энг йирик дарё тизимларидан бирининг (Ганг ва унинг ирмоғи Брахмапутра) дельтаси жойлашган. 

Бангладеш ва Ҳиндистон шарқи аҳолиси хавф остида қолади, зилзила маркази Бангладеш пойтахти Даққада бўлади. Бангладешнинг иқтисодий ривожланмаганлиги фалокатнинг бошланишини прогнозлаш ва аҳолини ҳимоя қилишни қийинлаштирмоқда.

2004 йилда Ҳинд-Австралия плитасининг Бирма плитаси остига кириши ер ости зилзиласи ва цунами келтириб чиқариб, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкада бир неча соат ичида 230 минг кишининг ҳалокатига олиб келганди. Янги фалокатнинг сабаби ҳам шу ҳодиса бўлади, бироқ бу ҳолатда у субдукциянинг сув ости қисмига эмас, балки қитъа қисмига таъсир қилади.  

Айни вақтда Бангладешда 168 млндан кўпроқ одам яшайди.