Американинг Forbes журнали энг кўп даромад олувчи машҳурлар рейтингини тузиб чиқди. Унда Криштиану Роналду бешинчи ўринда қайд этилди, Португалия терма жамоаси сардори 2015 йилда 88 миллион доллар ишлаб топган.

Қайд этиш керакки, у 4 йилдан буён бир маромда ўйин намойиш этиб келмоқда ва ҳар мавсумда ўртача 60тадан гол уриб келмоқда.

Евро-2016 турнирида ҳам ўзини кўрсатган футболчи «Реал»даги фаолияти орқали ўтган мавсумда 53 млн доллар даромад кўрди, шунингдек, у бошқа ҳомийлик шартномалари ва CR7 бренди остида чиқариладиган маҳсулотлар орқали қўшимча даромад олди - 35 миллион доллар. 

Рейтингда Аргентина терма жамоаси футболчиси, «Барселона» аъзоси Лионель Месси саккизинчи ўринда. Унинг ўтган йилги даромади - 81,5 миллион доллар бўлган. 2018 йилгача футболчининг жамоадаги йиллик даромади миқдори маош ва қўшимча бонуслар билан бирга камида 50 миллион долларни ташкил қилади. Унда Samsung ва adidas компаниялари билан тузилган ҳомийлик шартномалари мавжуд.

Журнал рейтингида биринчи ўринни ўтган йили 170 миллион доллар жамғарган америкалик поп-қўшиқчи Тейлор Свифт, иккинчи ўринни 110 миллион доллар билан Британиянинг One Direction гуруҳи, учинчи ўринни эса 95 миллион доллар билан ёзувчи Жеймс Паттерсон банд этди.

Шунингдек, баскетболчи Леброн Жеймс 77 миллион долларлик кўрсаткич билан 11, швейцариялик теннисчи Рожер Федерер 68 миллион долларлик кўрсаткич билан 16-ўринни эгаллаган.

Манба: Tribuna.uz