Жакарта шаҳрида истиқомат қилувчи индонезиялик ўз микроавтобусини намоз ўқиш учун қулай тарзда қайта жиҳозлади. Бундан мақсад автомобиль тирбандлиги пайтида намоз вақтини ўтказиб юбормай, автомобилда ибодат қилиш учун шароит яратиш ҳисобланади. 

"Бир кун турмуш ўртоғим билан кетаётиб, масжидда намоз ўқишни ният қилдим. Бироқ машинам тирбандликда қолиб кетди. Масжидга белгиланган вақтда етиб бора олмадим. Шу сабаб, намозни автомобилимда ўқишга қарор қилдим”, дейди жакарталик Сутикно. 

Ана шундан сўнг, унда машинасини “масжид”га айлантириш ғояси туғилади. Уловини яшил рангга бўяб, ибодат учун намоз жойнамоз олиб юрадиган бўлди. 

Ҳозир эса ўзига хос “мобиль-масжид” одамлар гавжум жойларда ёки масжиддан узоқ нуқталарда тўхтаб туради. Мусулмонлар бемалол унда намозларини адо этишлари мумкин. Ҳатто, унинг ичида ибодат учун махсус либослар ва таҳорат учун имкониятлар ҳам яратилган. 

Қайд этиш керакки, Индонезия дунёдаги энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат саналади. У ерда 202 миллион атрофида мусулмон истиқомат қилади. Мамлакатда 800 минг масжид бор.