Кембридж университетининг Психометрия маркази тадқиқотчилари инсон ақлий салоҳиятини унинг ижтимоий тармоқлардаги профиль суратлари асносида аниқловчи алгоритм яратишди. Улар айнан қайси омиллар кишиларга "ақлли" тус беришига ойдинлик киритишди. Бундай суратларни ҳар қандай мессенжердаги "ава сурати"га ҳам ва ҳаттоки резюмедаги суратга ажратилган жойга ҳам қўллаш мумкин.

Таҳлил юздаги аъзоларни ўрганиш билангина чекланиб қолмайди. Дастур суратга тушиш вақтидаги ҳолат, кийим, шунингдек кадрда дўстлар ёки қариндош-уруғларнинг борлигини ҳам инобатга олади. Буларнинг барчаси алгоритмга инсоннинг ҳаёт тарзи ва ўзини атрофдагиларга қандай кўрсатишни исташига доир маълумотларни етказиб беради. 

Тадқиқот давомида IQ даражасига тест синовидан ўтган Facebook фойдаланувчиларининг 1122та сурати таҳлил қилинди, шундан сўнг ақлий салоҳият даражаси ҳақидаги хулоса тақдим этилди. 

Маълум бўлишича, атрофдагиларнинг ақлий салоҳиятига баҳо берувчи одатий белгилар (масалан, кўзойнакли тақиш) аслида ҳақиқатга тўғри келмайди. Тадқиқотчилар янги дастурга нафақат ҳақиқий IQ даражасини белгилаш, балки уларнинг атрофдагиларга қанчалик ақлли кўринишини ҳам муваффақиятли аниқлашни "ўргатиб қўйишди". 

Муаллифларнинг сўзларига кўра, ақлли кишилар ижтимоий тармоқлардаги профиль суратлари жуда муҳимлигини яхши англаб етишади, шу боис кадрда ортиқча одамларсиз нейтрал фондаги тиниқ суратларни танлашади. Бундан ташқари, ҳам юқори IQ даражасига эга, ҳам атрофдагилар томонидан шундай қабул қилинадиган кишилар ижтимоий тармоқларда одатда пушти, қизил ёки сиёҳранг иштирок этган суратларни четлаб, яшил ранг қатнашган (ёки яшил фондаги) суратларни юклашгани маълум бўлди.