КХДР Осиё мамлакатларини Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея ҳаракатларини диққат билан кузатиб туришга чақирмоқда. Бу ҳақда, КХДР ТИВнинг Осиё ва Океания мамлакатлари департаменти бош директори Цой Хи Чхоль баёнот берган. Шимолий Корея бош телеграф агентлигининг хабарига кўра, у Лаос, Камбоджа, Малайзия, Индонезия, Эрон, Ҳиндистон, Вьетнам ва Покистон давлатларининг Пхеньяндаги элчилари билан учрашувда шу ҳақда фикр юритган. 

Дипломат АҚШ Молия вазирлигининг "КХДР олий раҳбарияти ғурурини поймол қилувчи" санкциялар жорий қилишини "очиқ уруш эълон қилиш" деб баҳолаган. 

Шунга кўра, унинг фикрича, АҚШ ўзаро зиддиятларда "қизил чизиқни босиб ўтган". Бундай шароитда, Цой Хи Чхолга кўра, 7-июль куни КХДР ТИВ АҚШ маъмуриятини "барча дипломатик алоқа каналларини ёпиш режасидан огоҳлантириб, мазкур санкциялар зудлик билан сўзсиз бекор қилинмас экан, қатъий қарши чоралар кўришини билдирган эди".

Шу билан бирга, шимолий кореялик дипломатнинг айтишича, КХДР ва қўшни мамлакатларнинг кескин қаршилигига қарамай, Жанубий Кореянинг АҚШ ҳамкорлигида ўз ҳудудида THAAD РҚМ тизимларини жойлаштиришга қарор қилгани, "Корея яриморолидаги кескинликнинг кучайишига сабаб бўлади". 

Цой Хи Чхоль Осиё мамлакатларини "АҚШ сиёсатини диққат билан кузатиб боришга, уни қўллаб-қувватламасликка ҳамда минтақавий зиддиятларни кучайтирувчи ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирган".