Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Жанубий Корея агентлигининг «4-даражали чуқур ихтисослаштирилган клиникаси ва кўп тармоқли Болалар тиббий марказининг тиббиёт ходимлари малакасини ошириш Марказини ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича муҳокамалар протоколини имзолади, деб хабар қилмоқда KOICAнинг Тошкентдаги матбуот хизмати.

Қиймати 7 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳа 2016−2020 йиллар мобайнида амалга оширилади. Тиббиёт соҳасида инновацион марказини ташкил этишдан мақсад, педиатрия соҳасидаги тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, педиатрларнинг жарроҳлик йўналиши бўйича амалий салоҳиятини мустаҳкамлаш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўргатиш, касаллик ҳамда ўлим ҳолларини камайтиришга кўмак беришдан иборат. Лойиҳа доирасида Жанубий Корея ва Ўзбекистонда маҳорат дарслари ташкил этилади. 

Кўптармоқли болалар тиббиёт маркази эса, Корея иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) кўмагида Тошкент шаҳрида 2017 йилда барпо этилади. Жамғарма шу мақсадда 102,846 млн долларлик имтиёзли заём тақдим этган. Ўзбекистоннинг лойиҳага қўшган ҳиссаси 27,73 млн долларни ташкил этади. Шундан 20,78 млн доллари солиқ ва божхона имтиёзларидир. 

Марказ 280 ўринга эга бўлиб, кунига 250 нафар беморни қабул қила олади. Унда, йилига 1500та жарроҳлик амалиётини ўтказиш имкони мавжуд бўлади.