Россиялик машҳур сайёҳ Фёдор Конюхов "Мортон" ҳаво шарида дунё бўйлаб саёҳатини бошлади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Ҳаво шари Австралиянинг Перт шаҳридан 100 км узоқликдаги Нортхэм шаҳридаги аэродромдан ҳавога кўтарилди. Ҳаво шари маҳаллий вақт билан 07:30 да ердан кўтарилди.

Конюховнинг 35 минг км лик саёҳати йўналиши ғарбдан шарққа томон ўтади. Саёҳатчи Австралияни кесиб ўтади, Янги Зеландия, Тинч океани устидан учиб ўтади, сўнгра Чили ва Аргентина ёнидан ўтиб, Атлантика океани, ЖАР, Ҳинд океани устидан ўтиб, яна Австралияга қайтиб келади.  

Парвоз 5-10 км баландликда ўтиб, саёҳатнинг давомийлиги 2 ҳафтага яқинни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.

Саёҳатчи тунлари ҳаво шарини керакли баландликда ушлаб туриш учун камида битта 250 кг лик пропанли баллонни ёқади. Шу тариқа ҳаво шари ҳар куни енгилроқ бўлиб бораверади.

Ушбу саёҳат бошланиши бир неча марта кўчирилди. Дастлаб у 2 июлга белгиланганди, кейин 4 июлга, ундан кейин 7 июлга кўчирилган.