Кўпчиликка Муҳаммад Али номи билан яхши маълум афсонавий боксчи Кассиус Клей, расман ҳеч қачон ўз исми-шарифини ўзгартирмаган, деб хабар қилмоқда USA Today газетаси. 

Муҳаммад Али шу йил 3 июнь куни 74 ёшида Аризона штати яқинидаги Финикс шаҳри шифохонасида ҳаёт билан видолашган эди. У, нафас олиш органларидаги муаммо билан касалхонага етказилганди. Али 32 йил мобайнида Паркинсон хасталигидан азият чекди. Боксчи 10-июнда Кентукки штатидаги  ўзининг туғилган шаҳри Луисвиллда дафн этилди. 

Қайд этилишича, журналистлар 1964 йили Ислом динини қабул қилиб, ўзини Муҳаммад Али деб атай бошлаган боксчининг исми-шарифи ўзгартирилганини тасдиқлайдиган ҳуқуқий ҳужжатни топа олишмаган. 

"1964 йили ижтимоий таъминот бошқармаси мурожаатчининг исми-шарифи ёки унинг ўзгартирилганини расман тасдиқлайдиган ҳужжат талаб қилмаган. Ижтимоий варақадаги исм, унинг эгасининг тасдиқлаши билан қайд этилаверган", - деган бошқарма вакили Роксана Уильямсон.

Али профессионал рингда 61та жанг ўтказиб, 56тасида ғалаба қозонган, 37тасида нокаутга эришган. Беш маротаба мағлубият аламини тортган. 1999-йилда Али "Аср спортчиси" деб тан олинган эди.