Россиянинг Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари 12 июль эрталабки пайт Пальмирадан шарқроқда жангарилар объектларига осколка-фугасли бомбалар билан зарбалар берди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигида маълум қилинди, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги. 

Россиядаги базалардан ҳавога кўтарилган 6 та самолёт ИШИД жангариларининг Пальмирадан шарқроқдаги, Ас-Суҳна ва Арақдаги позицияларини бомбардимон қилган.  

"Зарба оқибатида жангариларнинг йирик дала лагери, учта ўқ-дори ва қурол-аслаҳа омбори, учта танк, 4 та пиёда аскарлар ҳарбий машинаси, йирик калибрли пулемётлар билан жиҳозланган 8 та автомобили ҳамда душманнинг катта сондаги тирик кучи йўқ қилинди", деб айтилди вазирликда. 

Мудофаа вазирлигида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани таъкидлаб ўтилди. 

8 июлда Хомс вилоятида жангарилар позицияларига ҳужум қилинаётган вақтда полковник Ряфагат Хабибуллин ва лейтенант Евгений Долгин бошқарган вертолёт уриб туширилганди. Учувчилар ҳалок бўлган. 

Россия мудофаа вазирлигининг расмий тахминига кўра, Сурияга тегишли Ми-25 вертолёти уриб туширилган. Россиялик ҳарбийлар унда текширув парвозини амалга ошираётган бўлганлар. Вертолёт танкларга қарши TOW мажмуаси ракетаси билан уриб туширилган. Бироқ баъзи маълумотларга кўра, уриб туширилган вертолёт Россия ҳарбий-коинот кучларининг Ми-35М вертолёти бўлган. Баъзи ҳарбий мутахассислар ҳам шу тахминни айтишган ҳамда вертолётга қарши TOW мажмуаси қўлланганига шубҳа билдиришган.