Сочида миграция қонунчилигини бузгани учун ушланган Грузия фуқароси депортация қилинишига норозилик белгиси сифатида ўз оғзини тикиб қўйди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги мухбирига Краснодар ўлкаси ҳуқуқ-тартибот муассасаларида маълум қилинди.

"Сочининг Лазарев тумани, Вардана посёлкасидаги хорижликлар учун вақтинчалик сақлаш махсус муассасасида Грузия фуқароси ватанига чиқарилиб юборилаётганига норозилик сифатида ип билан ўз оғзини тикиб қўйди", деб айтди ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходими.

Унинг айтишича, аввал суд эркакни Россияда бўлиш қоидасини бузгани учун депортация қилиш ҳукмини чиқарганди. Эркакка биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва руҳий-неврологик диспансерга етказилди. 

Федерал миграция хизматининг ўлка бошқармасида воқеа юз бергани инкор қилинмади, бироқ унга изоҳ ҳам берилмади.