Буюк Британиянинг бўлғуси бош вазири, ички ишлар вазири Тереза Мэй кўпчилик британияликларнинг Европа Иттифоқидан чиқиши қарори мамлакат учун ютуққа айланиши учун барча ишни қилишга ҳаракат қилишини айтди. Бу ҳақда Sky News хабар бермоқда.

"Brexit Brexit’ни англатади ва биз уни мамлакат учун муваффақиятли қиламиз", деб айтди Мэй.

Мэй Европа Иттифоқидан чиқиш доирасида "Британия учун энг яхши таклиф ҳақида келишиб олиш" ва "Буюк Британия учун дунёда янги ролни ишлаб чиқишни" истаётганини таъкидлаб ўтди.

Британ консерваторларининг янги етакчиси миллатни бирлаштириш ва "ҳамма учун ишлайдиган мамлакатнинг келажагига янги ижобий қараш беришни" истаётганини айтди.

"Биз одамларга ўз ҳаётлари устидан кўпроқ назоратни берамиз. Айнан шундай, биз бирга яхшироқ Британияни яратамиз", деб қўшимча қилди Мэй.

Аввалроқ Мэй Британия Консерватив партияси етакчиси бўлгани маълум бўлганди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон 11 июлда 13 июль кечки пайт истеъфога кетишини ҳамда Тереза Мэй янги бош вазир бўлишини айтди.