12 июль куни Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Канаданинг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Жон Раналд Кёр билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат давомида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари, жумладан, томонларнинг ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги таклифлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Канада ўртасида ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштиришга қаратилган муайян чораларни кўришга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашувда халқаро кун тартибининг масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.