Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

  Учрашувда тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, улардан келиб чиқадиган мақсад ва вазифалар ижросида партия фаолларининг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Мустақиллик йилларида халқимиз эришган ва эришаётган улкан ютуқ ва марралар энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини янада юксалтирмоқда, – дейди депутат Т.Абдусатторов. – Бу ютуқларимиз навқирон авлодимизнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун яратилган шароитларда, улар халқаро миқёсда қўлга киритаётган беқиёс ютуқларда янада яққол намоён бўлмоқда.

Учрашувда депутат иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.