Дунёнинг йирик авиакосмик компанияларидан бири Франциянинг Airbus концерни, авиасозлик бозоридаги бош рақобатчиси  — Американинг Boeing компаниясини юз йиллик юбилейи билан қутлашнинг антиқа усулини намойиш этди. Икки дақиқалик видеолавҳа Франция компаниясининг Твиттердаги саҳифасига жойлаштирилган

Унда, француз компаниясининг бутун дунёдаги ходимлари америкалик ҳамкасбларининг рақобатидан «нолишган». Бироқ, концерннинг тан олишича, айнан ушбу соғлом рақобат туфайли иккала компания ҳам йил сайин маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини ошириб, дунё аҳолисининг турмуши яхшиланишига ҳисса қўшмоқда.
 
«Ва барча 150 минг ходимимиз Boeingга биргина сўзни айтишни истайди...Табриклаймиз! Юбилей билан қутлаймиз», — дейишган Франция компанияси хизматчилари. 

Американинг Boeing компанияси 1916 йил ёзида асос солинган эди: 1916 йил 15 июнида иккита B&W гидросамолётларидан бири ҳавога кўтарилган эди. Уларни Уильям Боинг ҳарбий-денгиз муҳандиси Жорж Конрад Вестервельт билан ҳамкорликда ишлаб чиққанди. 15 июлда эса Боинг Сиэтл шаҳрида кейинчалик унинг номи билан аталган The Pacific Aero Products Companyга асос солганди. 

Америка компаниясининг аоссий рақобатчиси Airbus ундан анча ёш бўлиб, 1970 йилда ташкил этилган.