Airbus авиақурилиш корпорацияси А380 йўловчи лайнерларини ишлаб чиқаришни унга бўлган талабнинг камлиги сабаб қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Bloomberg маълум қилди

Унга кўра, Airbus бир неча йил аввал яқин 20 йилда 1,2 минг А380 лайнерини сотишни прогноз қилган. Бироқ 2005 йилда ушбу модель ишлаб чиқарила бошлагандан сўнг корпорация фақатгина 193 та самолётини сотишга муваффақ бўлди, яна 126 та лайнер буюртма қилинган ва ҳозирги пайтда ишлаб чиқаришга навбат пойлаб турибди. 

Манбага кўра, бугунги кунда А380 лайнерининг ягона буюртмачиси БААнинг Emirates Airlines авиакомпаниясидир. "АҚШнинг бирорта ташувчиси А380 лайнерини сотиб олгани йўқ, япон авиакомпаниялари эса бир нечтасинигина харид қилишди", - дея таъкидлайди агентлик. Шуниси диққатга сазоворки, А380 самолёти Airbus'нинг энг қиммат модели ҳисобланади, бундай ҳаво кемасининг баҳоси - 430 миллион доллардан ортиқ.

Кейинги йилдан бошлаб копорация A380 лайнерларини ишлаб чиқаришни йилига 27 та самолётдан 20 тагача қисқартиришни режалаштирмоқда. 2018 йилдан эса бу модель ойда бир марта ишлаб чиқариладиган бўлади. 

Airbus А380 - кенг фюзеляжли икки палубали реактив йўловчи самолёти бўлиб, у дунёдаги энг йирик серияли авиалайнер ҳисобланади. У ўз ичига 853 нафар йўловчини сиғдира олади. Лайнер 15 минг километргача бўлган масофага қўнимсиз парвозларни амалга оширишга қодир.