11 июль куни Буюк Британияда “Фарнборо” Халқаро авиакосмик салони (Farnborough International Airshow) ўз ишини бошлади. Жаҳондаги энг нуфузли аэрокосмик кўргазмаси сифатида тан олинадиган мазкур тадбир 17 июлга қадар давом этади. Авиасалон ҳар икки йилда бир марта Лондондан 55 километр жанубий-ғарбда жойлашган Фарнборо шаҳридаги аэропортда бўлиб ўтади. Кўргазма ташкилотчиси Farnborough International Limited компанияси ҳисобланади. Кўргазмада авиация ва фазовий мақсадларда фойдаланиладиган учувчи аппаратларнинг барча турлари намойиш этилади. Жумладан, авиация ва космик аппаратларнинг двигателлари, космик аппаратлар, сунъий йўлдошлар, аэропортлар учун жиҳозлар, авиация техникаларини таъмирловчи жиҳозлар, тарихий аҳамиятга молик техникалар, қуроллар, радар ва кузатув тизимлари хам кўргазмадан ўрин олган.

Илк бор авиашоу 1932 йилда ўтказилган эди. Ўшанда Лондон яқинидаги “Хендон” аэродромида илк бор ҳавода парвоз қилувчи аппаратлар кўргазмаси бўлиб ўтган эди. Илк кўргазмада 13 та компания ўзининг 30 та самолётини намойиш қилган эди. Аввалига кўргазмада фақат Буюк Британия компаниялари иштирок этар эди. Кейинчалик хорижий компаниялар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок эта бошлади. Иккинчи жаҳон уруши даврида авиасалон ўтказилмади. Урушдан кейин, тўғрироғи, 1946-1947 йилларда авиасалон Хартфордшир графлигидаги “Рэдлетта” аэропортида ўтказилди. 1948 йилдан бошлаб эса доимий равишда “Фарнборо” аэропортида ўтказиб келинади. Маълумки, бу аэропорт Британиядаги қадимий бўлиб, ундан илк самолёт 1908 йилда ҳавога кўтарилган эди. 1948 йилда кўргазма атиги бир ҳафта давом этди. Ўша йили мутахассислар билан бир қаторда кенг жамоатчилик илк бор кўргазма фаолияти билан танишиш шарафига муяссар бўлди. 1949 йилда ўтказилган тадбирда илк бор реактив йўловчи de Havilland DH.106 Comet самолёти намойиш этилди.

1952 йилги авиашоу вақтида биринчи авиаҳалокат юз берди. Буюк Британиянинг de Havilland DH.110 реактив қирувчи самолёти ҳавода томошабинлар устида портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 31 киши ҳалок бўлди. Уларнинг икки нафари учувчи, 29 нафари эса ерда бўлган томошабинлар эди.

1962 йилдан бошлаб кўргазма ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган бўлди. 2000 йилгача авиасалон сентябрь ойида ўтказилган бўлса, 2000 йилдан бошлаб июль ойида ўтказила бошланди. 1966 йилда авиасалон ишида Европа компаниялари қатнашади. 1974 йилдан бошлаб эса кўргазмага халқаро мақом берилди. 2010 йилда экспозицияларнинг фазовий сектори кенгайтирилди. Ўша йили илк бор Boeing 787 Dreamliner йўловчи самолёти намойиш қилинди. 2012 йили ўтказилган кўргазмага 280 мингдан ортиқ киши ташриф буюрган эди. Авиашоу тарихида илк бор бутун дунёдан олиб келинган учувчисиз аппаратлар намойиш қилинди.

Бундан аввалги “Фарнборо-2014” авиасалони 14-20 июлда бўлиб ўтиб, унинг ишида 39 та мамлакатнинг 1 минг 500 та компанияси иштирок этди ва 179 та учувчи аппарат томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Кўргазмага 100 мингдан ортиқ томошабин келди. Имзоланган Шартнома ва Битимларнинг умумий қиймати 152 миллиард долларга етди. Бу йилги “Фарнборо-2016” кўргазмасига 30 мамлакатнинг 1 минг 200 та компанияси ўз маҳсулотлари билан қатнашиш ниятини билдирди. Авиашоу худудида 20 та мамлакатнинг павильонлари ишлаб турибди. 50 дан ортиқ мамлакатнинг ҳарбий делегациялари таклиф қилинган.

Фуқоро авиацияси дастурида 26 та мамлакат делегацияси иштирок этиш ниятини билдирган бўлса, шоунинг ҳарбий қисмида 45 дан ортиқ мамлакат делегацияси иштирок этмоқда.

Шуни айтиш керакки, авиация салонининг биринчи иш куни хосиятсиз бўлди. Кучли ёғингарчилик туфайли иштирокчилар хавфсиз жойга кўчирилди. Ноқулай об-ҳаво туфайли душанба куни самолётларнинг намойишкорона парвозлари бекор қилинди. Шунга қарамай, ҳафта охирига қадар 50-Халқаро авиакосмик салонга 100 мингдан ортик киши ташриф буюриши кутилмоқда. 
Тадбирда иштирок этаётган Boeing ва Airbus компаниялари вакилларининг сўзларига қараганда, яқин 20 йил мобайнида фуқоро авиацияси самолётларига талаб ортади. Boeing экспертларининг айтишича, самолётларга талаб 39,6 мингтани ташкил қилади. Бу самолётларнинг умумий қиймати 5,9 триллион долларга етади. Airbus экспертлари эса эса 33 мингта самолётга талаб тушиши, янги самолётларнинг нархи 5,2 триллион долларни ташкил қилишини башорат қилмоқда.

Шарофиддин  Тўлаганов